Бир оят тафсири

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятида шундай марҳамат қилади: «Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар».

Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб, суюкли бандаларига, Эй Аллоҳнинг китобини тасдиқлаб, пайғамбарларига иймон келтирган кишилар сизларга Аллоҳдан ва Унинг элчиси тарафидан хабар келса иккиланмасдан кучли ишонч билан қабул қилинглар. Ҳар кимдан келган хабарни, маълумотни (ахборотни) қабул қилаверманглар, дея хитоб қилди.

Мусулмон кишига бир инсон бир маълумот олиб келса, бу маълумот Аллоҳ ва Унинг расули тарафидан бўлса ҳеч иккиланмай қабул қилиш вожибдир. Ва яна хабар олиб келган киши динда, сўзда диёнатли инсон бўлса унинг хабари ҳам қабул қилинади. Бугунги кунда ҳам сиз-у биз мусулмонлар мана шу оятни ўзимизга дастури амал қилиб олишга муҳтожмиз. Сабаби ҳозирги кунда мусулмон халқларнинг устига тушаётган турли хил нохушликлар, давлатлар ўртасидаги муаммолар, жамиятдаги раҳбар ва ишчилар ўртасидаги, ака-ука, дўст ва оға-инилар орасидаги кўпгина муаммолар айнан, келтирилган ахборот ва маълумотларни текширмаслик оқибатида бўлмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз. Ояти каримадаги “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар”, — деган жумладаги фосиқ калимасининг маъноси шариъат чегарасидан чиққан деганидир. Пайғамбар алайҳиссалом бир муборак ҳадисларида шундай дейдилар: “Кишини эшитган ҳар бир нарсасини гапириши ёлғончи эканига кифоя қилади”, — деганлар. Азизлар, ёлғон гапириш, одамларни алдаш ва миш-мишларни тарқатиш динимиз таълимотларида гуноҳ ҳисобланади. Шундай экан турли асоссиз гаплар тарқатишни тўхтатайлик, бундан фойда йўқлигини тушунайлик. Бунинг ўрнига вақтимизни илм-маърифатга сарфлайлик!

“1-Боёвут” жоме масжиди
имом-хатиби Ислом Мухетдинов

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *