СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бўлган муносабатлар-инсон саломатлиги, айниқса, келажагимиз пойдевори бўлган ёш авлодни соғлом ва жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш, уни фавқулотда рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятларга тайёр қилиб тарбиялаш масаласи доимо халқимиз ва давлатимиз эътиборида бўлган. 

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти томонидан берилган маълумотларга қараганда, инсон саломатлигининг 10 фоизи тиббий хизматларга, 20 фоизи ирсий омилларга, 20 фоизи атроф муҳитдаги олдини олиш мумкин бўлган омилларнинг зарарли таъсирига, 50 фоиздан ортиқроғи эса ҳар бир инсоннинг турмуш тарзига боғлиқлиги эътироф этилган.

Инсон узоқ ва тинч ҳаёт кечириш мақсадида соғлом, тетик ва бақувват бўлишга, ёшлиги, ҳусни ҳамда ишчанлик қобилиятини сақлашга ҳаракат қилади. Соғлом турмуш тарзи эса, бунга эришнинг асосий омилларидан биридир. 

Дарҳақиқат, биз яшаётган ва меҳнат қилаётган она заминимиз жуда сахий ва гўзалдир. Умид билан ўтқазилган ҳар бир ниҳол бир кун келиб ўз мевасини бериши табиий.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, атроф муҳитни покиза сақлаш, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш халқимизга хос одатга айланган. Атрофимиздаги муҳитнинг экологик ҳолати бир меъёрда бўлишини таъминлашда ўсимликлар оламининг ўрни беқиёс. Деҳқонча қилиб тушунтирадиган бўлсак, ўсимликлар ҳаво, тупроқ ва сувни чанг ҳамда ҳар хил газ чиқиндиларидан тозалаб, уларни кислород билан тўлдириб турувчи лабораториядир. Баъзида шаҳримиз ва қишлоқларимизда одамлар кўркам, яшил баргли дарахтларни кесаётганини ва баргларни кўчаларда чангитиб ёқаётганини кўриб таъбимиз хира тортади. Чунки бизни кислород билан таъминлаётган дарахтларнинг кесинди ва баргларини кўчаларда ёқишдан чиқаётган газ атроф муҳитни заҳарлаётганини, бунинг оқибатида аллергия касаллиги бор беморларнинг аллергияси хуруж қилишини кўпчилик тушунмайди. Бу борада шу ҳудуддаги экологияга масъул кишилар ва ташкилот раҳбарлари бундай ҳолатларга кўз юмиб эътибор бермасликлари кўпчиликнинг соғлом турмуш тарзига зарар етказилаётганлигини ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Чиндан ҳам атроф муҳитдаги дарахтларни асрасак ва парваришласак, улар кўкка бўй чўзиб, ўзининг соя-салқини билан бизни иссиқдан сақлайди, мевали дарахтларимиз эса, ўзининг ҳар хил витаминларга бой бўлган мевалари билан танамизни соғлом бўлишига хизмат қилиш билан бирга бизни кислород билан таъминлаб, атроф муҳит мусаффолиги ва тозалигини сақлайди. Ана шундай хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг, қолаверса, ҳудуд аҳолисининг тиббий маданиятини оширишга кафолатдир.

Қобилжон Асланов
Боёвут тумани “Абдухолиқ Ғиждувоний” жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *