Рамазон ҳақида…

Буюк машойихлардан, Нақшбандия тариқатининг пири комиллардан бири Муҳаммад Зоҳид Қутқу ҳазратлари шундай дейдилар: “Рўзани фақат жасадингга тутдирма, руҳинг ҳам рўзадор бўлсин”.
“Бир куни Расулуллоҳ алайхиссалом минбарга чиқаётиб, бир қадам ташлаб “Омийн”, дедилар. Иккинчи қадам ташлаб яна “Омийн”, дедилар. Учинчи қадамни босганларида ҳам “Омийн”, дедилар. Хутбани ўқиб минбардан тушганларида саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, хутба ўқиш учун минбарга чиқаётиб нима учун 3 марта “Омийн”, дедингиз?”, деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) дедилар: “Мен минбарга чиқаётганимда Жаброил а.с. келиб, дедилар: “Кимни олдида сизнинг исмингиз айтилганда сизга салавот айтмаса, яъни саллаллоҳу алайҳи васаллам демасдан ўлса, Аллоҳ таоло ундан узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг” деди. “Омийн”, дедим. Яна айтдики: Эй Муҳаммад, қайси фарзанд ота-онаси тирик бўлиб ёки иккалаларидан бирлари ҳаёт бўла туриб, уларнинг ризоликларини ололмай, ўлиб дўзахга кирса, бундай имкониятни бой берган фарзанддан Аллоҳ таоло узоқлашади “Омийн”, денг “Омийн”, дедим”. Кейин яна деди: Эй Муҳаммад, ким Рамазон ойини ўтказиб, кейин ўлса-ю гуноҳи кечирилмаган бўлса, ундан ҳам Аллоҳ таоло узоқлашиб, уни дўзахга киргизади “Омийн”, денг”, деди. “Омийн”, дедим.
Ким мана шу ҳолатни хоҳлайди? Албатта, ҳеч ким. Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз нималарга эътибор беришимиз зарур? Биз нима амал қилсак рўзамиз Парвардигор хоҳлаганидек бўлади? Расулуллоҳ алайҳиссалом айтганларидек:
“Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўза бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, мен рўзадорман, мен рўзадорман, десин”.
Яъни “мен рўзадорман” дейиши билан киши: “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Албатта рўза омонатдир. Сизлардан ҳар бирингиз ўз омонатини сақласин”.
“Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради.”

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди   имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.