ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ҚАДРИ

Рамазон ойида бир кеча борки у кечани Аллоҳ таоло минг кечадан афзаллигини айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кечани имон-ихлос билан ўтказганлар ўша кечагача қилинган барча гуноҳларини авф этилишини айтганлар. Бу кеча – “Лайлатул Қадр” кечасидир.
“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Минг ойга тенг кеча деб таърифланадиган бу кечада Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси 1-оят).
Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кунига тўғри келиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар бор.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча саҳобалари Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в): “Сизларнинг тушларингиз Лайлатул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!” – дедилар”.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: “Расулуллоҳ (с.а.в) Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар”, — дедилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган яна бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” – дедилар.
Демак, муборак Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиб, айниқса унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодатни янада кўпайтиришга қаттиқ киришиш лозим экан. Қадр кечасини қадрини билиб, ўша кунни тоат-ибодатда ўтказиш барчамизга насиб айласин.


Ориф АҲМЕДОВ
ЎМИнинг Сирдарё вилояти
вакиллиги ходими

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *