Фитна улкан гуноҳ

Аллоҳ таоло инсонларни ўзаро ҳурмат-эҳтиром ила тинч-тотув яшашга буюрган. Зеро, инсонлар бир-бирларига ишонч, садоқат, вафо ила яшасалар, ўша жамият, ўша юрт, шаҳар, маҳалла-кўй, қишлоқ-у овуллар ривожланади, тараққий этади.

Акс ҳолатда эса, маҳалла, қишлоқ-у овулларда ўзаро ишонч бўлмаса, у ерда яшаётган инсонлар бир-бирларини қўллаб-қувватламаса, унинг ўрнига бир-бирларига зиён, захмат етказиб, фитна уруғларини ёядиган бўлсалар ўша жамият албатта тубанликка юз тутади.

Ҳозирги кунимизда инсонларни тинч-тотув яшаётганларини, ривожланаётганларини, Аллоҳ таоло уларга ўз ғойбидан мол-дунё, обрў-эътибор, моқом-мартаба ва бошқа бир неъматлар бераётганлигини кўра олмасдан уларнинг ўрталарига фитна-фасод уруғини солиб гўё лаззат оладиган инсонларни тобора кўпаётганлиги ачинарли бир ҳолатдир. Аллоҳ таоло бундай  ишлардан барчамизни қайтарган.

Мазкур фитна-фасод уруғларини сочаётганлар тўғрисида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган:

“Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга, жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор”.
Буруж сураси 10- оят.

Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, уларни ўрталарида турли келишмовчилик, зиддиятлар ва ҳатто урушларни келтириб чиқараётганлар унутмасинларки, албатта, уларга Аллоҳнинг улкан азоби бор. Бу йўлда билиб-билмасдан бировларни ўрталарига фитна-фасод уруғларни солган инсонлар тезлик билан тавба сари шошилсинлар. Акс ҳолатда уларни борадиган жойи жаҳаннам бўлишлиги муқаррардир.

Ҳозирги кунимизда фитна уруғини тарқатиш жуда ҳам осон бўлиб қолди. Бир инсон бир инсонга сал ёқмай қолса, дарҳол у киши тўғрисида бўлмаган турли гап-сўзлар ёки бошқа нарсаларни дарҳол уяли алоқа воситалари ёки интернет тармоқлари орқали дунёга достон қиладилар. Гўё уни бир шарманда қилдим деб, мағрурланиб ҳам қўяди. Билмайдики, Аллоҳ у бандага фитна-фасод тарқатганлиги учун аламли, хорловчи улкан азоб-уқубат тайёрлаб қўйган. Бундай қабиҳ ишлардан Аллоҳ таоло барчамизни Ўз паноҳида асрасин.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг хузурига бир киши келиб: “Эй Амирал мўъминин! Менинг Хурмо боғим бор. Ҳеч ҳосил бермаяпти. Шунга бир чора топиб берсангиз”, — деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу бир мактуб ёзиб бердилар ва уни хумга солиб боққа кўмиб қўйишни буюрдилар. Боғбон шундай қилди. Натижада боғ жуда кўп ҳосил берди, Боғбон бундан ҳайрон бўлиб кўмилган ўша мактубни очиб ўқиди. Мактубда шундай ёзув бор эди: “Эй, ер! Сен ҳосил бер. Агар ҳосил бермасанг фитначи кишиларнинг жасадини сенга кўмаман”. Демак, фитначиларнинг жасадидан ҳазар қилиб, боғ мевага кириб кетган экан.

Дарҳақиқат, фитначини жасадидан ер ҳам ҳазар қилиб, шу инсон менга кўмилмасин деб,  Аллоҳ таолодан доимо паноҳ тилаб туради.

 

ЎТКИР МАЪМУРОВ
“Аҳмадхўжа” жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.