Чорвачилик — баракалик касбдир

Ислом дини ҳайвонларнинг барчасига алоҳида эътибор билан ёндашади, шу жумладан чорва ҳайвон-ларига ҳам. Қуръони Каримнинг бир неча суралари ҳайвонлар  номлари билан аталган бўлиб, шулар ичида “Бақара” ва “Анъом” суралари номлари бевосита чорва ҳайвонлари билан боғлиқдир. Ушбу суралар  ном-ларини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, “сигир”, “чорва ҳайвонлари”, деган маънолар келиб чиқади. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида чорва ҳайвонлари инсон учун яратилганлиги ҳақида сўз кетади.
Аллоҳ  таоло “Наҳл” сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам. Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа ) кетаётганларида чирой — жамол бор. Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларгача кўтариб борадир. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳимлидир. Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир” (5 – 8 – оятлар)
Юқоридаги келтирилган оятларда “ейиш – ичиш”, “исиниш”, “юкларни ташиш” каби чорва ҳайвонларидан олинадиган баъзи фойдалар ва кишилар ҳайвонлар чиройидан роҳатланиши ҳақида сўз кетади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло чорвани инсонлар учун фойда келтирадиган неъматлардан қилиб яратди. Ҳар бир ўйлаб кўрган одам бу ҳақиқатни тушунмай қолмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) чорва молларида барака борлиги ҳақида Ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:
“Уйдаги битта қўй баракадир. Иккита қўй иккита баракадир. Учтаси баракалардир”, (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисда Росулуллоҳ (с.а.в.) жаннат ҳайвони бўлган қўйда барака борлигини айтдилар. Халқимиз ичида ҳам “қўй жаннатдан чиққан”, “қўйда барака бўлади” каби гаплар юради. Улар мана шу ҳадисдан олингандир. Қўйнинг барака бўлишига сабаб нима, дейилса, қўй шомдан кейин дарров ётиб ухлайди ва сахардан уйғониб олади, дейишади. Барака эса, сахарда келади, бу ҳақида бошқа ҳадислар бор.
Яна бир ривоятда Ҳазрати Умар (р.а.) Абу Зобён исмли кишидан:
“Эй, Абу Зобён! Сенинг атоларинг (яъни,сенга хукумат тарафидан ажратилган ёрдам пули) қанча?” – деб сўрадилар.
“Икки минг беш юз”, — жавоб берди Абу Зобён.
Умар (р.а.) унга қарата:
“Эй, Абу Зобён! Сен, экин ва чорвани лозим тут. Уларнинг олдида ато (ёрдам пули) мол бўлмай қолади”, — дедилар.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.) нинг фикрларига кўра, киши ўзига тайин қилинган атога ёки маошига ишониб қолмаслиги керак экан. Ўз иқтисодини яхшиланишини истаган шахс деҳқончилик ва чорвачилик каби касбларни ҳам йўлга қўйгани афзал экан. Чунки, бу нарсалар бардавом ва бировга қарамлиги йўқ даромад манбаъи бўлади.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар (а.с.) шундай дедилар:
“Мусо пайғамбар этиб юборилганда, қўйчи эди. Довуд пайғамбар этиб юборилганда, қўйчи эди. Мен пайғамбар этиб юборилганимда, мен ҳам Ажёдда аҳлимнинг қўйини боқар эдим” (ИмомБухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифда қўй боққан пайғамбарлар номманом келтирилмоқда. Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини пешона терлари билан топганлари, яъни касб — ҳунар билан шуғулланганлари инсоният учун буюк ибратдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Аллоҳ таоло барча жонзодлар каби биз бандаларининг ризқини ҳам тақдири азалда белгилаб қўйди ва бизларни ўша ризқни ҳалол – пок йўллар билан топишга буюрди. Албатта, ҳар қандай ҳалол меҳнат билан қилинадиган касбу – ҳунарда барака бордир. Биз эса, бу касблар ичидан чор-вачилик ҳақида сўз юритдик халос. Аллоҳ таолонинг фазлу карамига эришмоқчи бўлган инсон, меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Бу эса, унга нажот ва бахт келтиради ва Аллоҳ розилигини топишда васила бўлади.

Абдурауф ЁРБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Сирдарё вилояти вакил ўринбосари

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *