Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш долзарб вазифа

Кейинги пайтларда ўз жонига қасд қилиб, Аллоҳ таоло томонидан омонат берилган жонни арзимас сабаблар билан зое қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, уларнинг кўпчилигини ҳали ўн гулидан бир гули очилиб улгурмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг ташкил этиши ҳар бир инсонни чуқур ўйга солади. Нима учун бу даражага тушиб қолишмоқда? Келинг шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилайлик.

Одатда кўпчилик ўз жонига қасд қилишнинг оғир ва кечирилмас гуноҳ экани, ўз жонига қасд қилган инсоннинг «охирати куйиб кетиши» ҳақида оз-ми кўп эшитган. Ўз жонига қасд қилаётганларнинг деярли барчаси ҳам бундан хабардор. Шунга қарамасдан, улар нега ўзларини турли йўллар билан ўлдирмоқда. 

Киши ўз жонига қасд қилишининг сабабларидан бири, аввало, бу дунё ва ундаги инсон ҳаётининг мазмун моҳиятини тўғри тушунмасликдир. Албатта инсон йўқ эди, Аллоҳ таоло уни тупроқдан яратиб, бу дунёда уни синаш, имтиҳон қилиш учун унга умр берди ҳамда бу имтиҳондан муваффақиятли ўтган кишига бу дунёда бахтли ҳаётни ва охиратда жаннатдаги абадий роҳат-фароғатни ваъда қилди. Имтиҳон эса ўзига хос синов, меҳнат-машаққатлар ва қийинчиликлардан иборат бўлади.

Ҳаммага синов бор, эркакми аёл, ёшми қари, бойми камбағал. Дунёда яшаётган ҳар ким ҳаёти давомида бир эмас, бир қанча синовларга дуч келади. Фақат, ҳаммага ҳар хил. Кимдир камбағалликдан азият чекади, кимдир тухматдан, кимдир фарзандсизликдан, кимдир эса фарзандларининг ёмонлигидан, кимдир ёлғизликдан, кимдир эса яқинларининг ёмонлигидан, яна кимдир касалликдан қийналади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Эй инсон, албатта сен то Парвардигорингга йўлиққинингча кўплаб меҳнат-машаққатларни бошдан кечирасан”. Бошқа бир оятда эса: “Дарҳақиқат, Биз сизларни бироз хавф-хатар ва очлик билан, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш билан синаймиз”, – дейилган. Шундай экан инсон доимо бошига тушадиган синовларга тайёр бўлмоғи ва уларга сабр қилмоғи лозим. Зеро Аллоҳ бошига мусибат тушганда сабр қилувчилар билан бирга бўлур ҳамда уларга улкан ажру-савоблар берур.

    Ўз жонига қасд қилишнинг яна бир сабабларидан бири бу ишнинг оқибатларини тўла англаб етмасликдир. Ўзини ўлдириш бошқа бир жонни ўлдиришданда оғир ва энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ким ўзини ўзи тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан сўнг дўзахда ҳам абадул-абад шу хилдаги азобга гирифтор бўлур. Агар захар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, дўзахда ҳам абадул-абад шу азобга гирифтор бўлур. Кимики ўзини ўзи темир парчаси билан ўлдирса, ул шахс темир парчаси қорнига суқулган ҳолда дўзах ўтида абадул-абад қолур”.

    Демак ким ўзини қандай қилиб ўлдирган бўлса, қиёмат кунида ҳам худди шундай азобга гирифтор бўлади ҳамда бу азобланиш такрор-такрор қайталаниб, доимий бўлар экан. Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудсийда шундай дейилган: “Аллоҳ таоло айтадики, бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди, шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. Бу ҳадисда ўз жонига қасд қилган кимса охиратини куйдириши таъкидланмоқда.

    Бундан ташқари ўзини ўлдираётган кимса унга меҳр қўйган яқинлари – ота-онаси, умр йўлдоши, фарзандлари, ака-укалари, ёру дўстларини ҳам қаттиқ изтироб, ташвишга солиб кетаётганини билармикан. Ўзини осаётган кимса ўзи билан қўшиб яқинларини ҳам маънан осиб кетаётганини ҳис қилармикан. Айниқса, ота-она фарзанд доғига чидаши жуда мушкул. Фарзанд доғида оғир касал бўлиб, ҳатто вафот этганларга кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун ҳам энг оғир юк ота елкасидаги фарзанд тобутидир, дейилади.

    Маст қилувчи ичимликларни ичиш динимизда бежизга ман қилиниб, барча ёмонликларнинг боши дейилмаган. Бугун биз бунинг исботига гувоҳ бўлиб турибмиз. Далилларга мурожаат қилинса, 70 фоизга яқин қотиллик, 80-90 фоиз безорилик асосан мастликда рўй бериши, 25 фоизга яқин ароқхўр мастлик пайтида ўзини ўзи ўлдиришни ўйлаши маълум бўлади. Шуларнинг ўзи биз-у сизларни сергак бўлишга, ичкилик иллатидан узоқда бўлиш ҳамда ундан ҳазар қилишимизга кифоя қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “ Маст қилувчи ичимликлардан қочинглар, шоядки нажот топсаларинг”.

    Албатта инсон хатокор, баъзан билиб, баъзан эса билмаган ҳолда хато ишларга, гуноҳга қўл уриб қўяди. Чунки инсондаги уни доимо яхшиликка, тўғриликка ундаб тургувчи ақл билан бирга уни ёмонликка, шаҳватга, ҳирсга ундаб турувчи нафс ва шайтон бор. Баъзан улар ақлдан устун келиб, инсонни гуноҳ ишлар томон бошлайди. Ҳатто инсон баъзида энг оғир гуноҳларга ҳам қўл уриб қўяди ва виждон азобида қийналиб, одамлар юзига қарай олмасдан, эл орасида бошини кўтара олмай қолади. Шундай пайтда инсон ўзини ўзи ўлдириш керакми? Йўқ, бу муаммонинг ечими эмас, аксинча муаммо устига яна бир муаммо, гуноҳ устига яна бир гуноҳ. Бунинг йўли бошқа, бу тавба эшигидир, бу эшик ҳаммага доимо то жон ҳалқумга келмагунча очиқ. Тавба қилинг, Аллоҳ кечиради. Тавба қабул бўлишининг шарти 3 та — қайтиш, надомат, азм, яъни қилган иши гуноҳ иш эканлигини билиб, уни қилишдан қайтиш, шу гуноҳ ишни қилгани учун чин дилдан надомат – афсус чекиш ҳамда уни бошқа қилмасликка азму қарор қилиш.

    Шунингдек, бир ёмонликдан қўрқиб ўз жонига қасд қилиш ҳам нотўғри. Бошга тушганни кўз кўрар, йиқилганни ер кўтарар. Инсон кўп нарсани кўтарди, чидайди. Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Албатта ўша қийинчиликлар ҳам ўтиб, яхши кунлар ҳам келади. Шундай экан, Парвардигоримиз томонидан бизга ато қилинган умримизни ғанимат билиб, уни асрашимиз лозим. Турмушда учрайдиган айрим синовли кунларни сабр-тоқат билан ўтказиб, ҳар бир етган азият-мусибатга яраша гуноҳларимиз кечирилиши, сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этилишини унутмайлик. Аллоҳ таоло доимо юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, ҳаётимизни фаровон ва тану жонларимизни соғ-саломат айласин.

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Сирдарё вилояти Гулистон тумани бош имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *