Сўзимиз – фойдамиз ё зараримиз

Инсонни гапираётган сўзига қараб ҳурмати ошади ё тушади.  Бемаъно,  мазмунсиз ва бекорчи гапларни кўп гапириш яхши эмас.  Гоҳида бир одамни сукут сақлаб жим турганини кўрганингизда сири, очилмаган кондек кўринади.  Жим турганлигидан унинг олимлигини ҳам ё оддий одам эканлиги, қўпол ёки мулойим эканлигини билолмайсан киши.  Қачон энди гапирса секин қандай инсон эканлиги аён бўлаверади. Ҳар бир сўзламоқчи бўлганида шу гапни дунё ва охирати учун фойдалими йўқми! Агар фойдали деб билса гапирсин, ундай бўлмаса, сукут сақласин. Доно халқимизда “етти ўлчаб бир кес”, “олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши, оғзига келганни демак нодоннинг иши” деган мақоллари бор.

Айниқса ёши катта одамлар айтаётган сўзи амалига мувофиқ бўлиши керак. Токи уларнинг ҳар бир сўзини ёшлар тинглаб мағзини чақиб ибрат олишсин. Шу ўринда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳаётимизда дастурул амал бўлиши керак. «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса,  яхши сўз сўзласин ёки жим турсин».  Мана шу биргина ҳадисга амал киладиган бўлсак,  муаммоларимиз ечимини топган,  одамлар иноқ яшашларига эришган бўлар эдик.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимнинг гапи кўпайса, хатоси кўпаяди. Кимнинг хатоси кўпайса, ҳаёси камаяди. Кимнинг ҳаёси камайса, тақвоси кетади. Кимнинг Худодан қўрқинчи йўқолса, қалби ўлади. Қалби ўлган кимса дўзахга маҳкум”. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам хутбаларидан бирида “Тилни боғлаб уни тийган кишига ва қўлини яхшиликка ёйган кишига жаннат бўлсин! Ва яна молининг ортиқчасидан инфоқ қилган ва гапнинг ортиқчасини ушлаб қолган одамга ҳам жаннат бўлсин! деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам одам боласининг ҳамма гапи унинг зараригадир, фойдаси эса, магар Аллоҳнинг зикри бўлса, яхшиликка буюриши ва ёмонликдан қайтариш бўлса, фойдасидир дедилар.

Исо алайҳиссалом ҳаворийлар билан кетаётган эди. Йўл чеккасида ўлиб сасиб кетган бир итни кўрдилар. Ҳаворийларнинг бири намунча сассиқ деди.  Бошқаси унинг ҳунук бўлиб кетганини қаранг деди. Шунда Исо аалайҳиссалом бу итнинг тишлари бунча ҳам оппоқ, садафдек экан-а, —  деган эканлар.

Абдуллох ибин Аббос “Бирор сўз айтмаса магар ҳузурида хозиру нозир борлар” ояти ҳақида “ҳар бир яхши ёмон гапни ёзиб борилади. Ҳаттоки,  едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим кабиларни ҳам,  пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади”, деган эканлар.

Имом Ҳасан Басрий «ўнгда ва чапда ўтирган ҳолда» оятни ўқиб туриб  «Эй одам боласи сенинг сахифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил килинди, биттаси, ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчи чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг, қилавер — озми кўпми.  Вафот этганингда саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади.  Қиёмат куни шундай ҳолда қабрдан чиқасан . . . . » деган эканлар.

Рамзиддин КУБАЕВ
Сайхунобод тумани «Абдуолим ота»
жоме масжиди имом-хатиби 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *