Исроф сахийлик эмас

Исроф — муқаддас динимизда қаттиқ қораланган. Исрофгарни Аллоҳ таоло суймаслиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда исрофдан сақланишга буюрганликлари, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда келтирилган.
“Исроф” сўзи арабча сўз бўлиб, “беҳисоб тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш”, каби маъноларни англатади.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.
Бугунги кун тўй-маросимларидаги исрофгарчиликлар ниҳоятда авжига чиқди. Ейишга яроқли қанча неъматлар исроф қилинмоқда. Маросимларни ўтказишда исроф ва исрофгарчиликдан эҳтиёт бўлишимиз, пешона тери билан топилган маблағларимизни ўз жойига сарфлашимиз лозимдир.
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун эканини кўрсатиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят килинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) ривоят қилади: Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!”, дедилар. Шунда Саъд (р.а): “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” дея ажабланди. Набий (с.а.в): “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Амр ибн Шуъайб ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда е, ич, кийин ва садақа қил”, деганлар (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Оиша (р.а) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра: “Карим (сифатли Аллоҳ таоло берган неъматлар)ни қадрлагин! Зеро, у (неъматлар) бирон қавмдан олиб қўйилса, бошқа қайтиб берилмайди!” дедилар (Ибн Можа ривояти).
Бир донишманд айтган экан, “Саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма”. Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина сарфлайди ва асло фақир бўлмайди. Тўй-маросимларини исрофгарчиликларга йўл қўймасдан, шариатимизга мувофиқ тарзда ўтказишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин.

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдаё тумани “Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *