Йўл одоблари

Ислом динида кўчада юрадиган йўловчиларга ҳам махсус одоблар белгилаб қўйилган бўлиб, бу одобларга риоя қилиш билан йўловчиларнинг бир-бирига азият бериб қўйишларининг олди олинади. Шунингдек, йўл ҳаракатлари ҳам одоб-ахлоқ асосида бўлиши йўлга қўйилади. Энг муҳими, мазкур одобларга холис ният билан риоя қилганлар кўплаб савобларга эришадилар. Уламолар йўлнинг бир қанча одобларини келтиришган. Улардан бири ва иймоннинг энг паст даражаси деб номланган «Йўлдан зарар берувчи нарсаларни олиб ташлаш» дир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муборак ҳадисда шундай марҳамат қиладилар: «Иймон етмиш неча ёки олтмиш неча бўлакдир. Бу бўлакларнинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ», дейишдир, энг пасти ( паст даражаси ) йўлдан зарарли нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймондан бир бўлакдир». (Имом Муслим ривояти)

Демак, йўловчилар азият чекадиган нарсани йўлдан олиб ташлаш комил мўминлик белгиси экан. Бу борада кўплаб ҳадислар келган бўлиб, уларда инсонларга зарар келтирувчи нарсаларни йўлдан олганлиги сабабли жаннатга кирганлиги ривоят қилинган. Бу ишларни қилиш улкан савоб бўлганидек, йўловчиларга азият берадиган нарсаларни йўлга ташлаш улкан гуноҳ ва одобсизлик саналади. Баъзан, кўчаларда ҳар хил чиқиндиларни махсус қутиларга ташламасдан йўл четларига ташлаб инсониятга зарар келтираётган кишиларнинг ҳаракатлари бироз дилларни хира қилади..

Фозилхон АБРОРОВ
Ховос тумани “Ҳазрат” жоме
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *