Саломлашиш одоби

«Ассалому алайкум», «Сизга тинчлик тилайман» ёки «Тинч омон бўлинг». Шу бир оғиз сўз барча яхшиликларнинг калитидир. Саломлашишнинг ҳам ўз одоби ва қоидалари бор. Динимиз ҳукмига кўра юзма-юз келган ҳар бир мусулмонга салом бериш суннат. Саломни ассалому алайкум ёки ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ деб тўлиқ айтиш керак. Саломга яраша алик ибораси халқимизда кўпроқ кўчма маънода ишлатилади. Лекин, тўғри маънода ҳам саломга яраша алик бўлиши ва у ҳам ваалайкум ассалом деб тўлиқ айтиши шарт. Отлиқ ҳар қандай уловдаги одам пиёдага, юрган ўтирганга салом беради. Баъзилар кўча-куйда ассалому алайкум дея қўлини кўксига кўйиб турган болага алик ўрнида бош силкиб ўтиб кетишади, ёки яхши қилибсан деб қўя қолишади. Саломга жавоб берилмаса, қарздор бўлиб қолишларини ўйлашмайди. Саломлашиш одобига кўра кимнинг мартабаси баланд бўлса, у олдин салом бериши керак. Саломни олдин айтиш кибрни кетказади. Ота аёлига ва болаларига салом бериб уйга киради. Агар уйда ҳеч ким бўлмаса ҳам ассалому алайкум дейиш керак. Саломлашишда қўлни кўтариб, ҳар-хил ҳаракатлар қилинмайди. Афсус баъзилар саломлашиш одобларига риоя қилишмайди ёки сўзларни бузиб, яъни «Ассому алайкум» «Саломалайкум» дейишади. Глобаллашув асри дунё халқлари маънавияти, урф-одатларига ҳам таъсирини ўтказаяпти. Айрим йигитлар қўл сиқишиб табассум билан сўрашиш ўрнига бир-бирлари билан бош, елка ёки оёқ уриштириб, кўришгандай бўлишади. Бу ҳол одобсизлик қилиш, қадриятларимизга ҳурматсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ачинарлиси, улардан баъзилари кўр-кўрона эргашаётган бу бачкана қилиқларини замонавий маданият белгиси деб билишмокда. Миллат маънавиятига алоқали ҳолатларда лоқайд қараб бўлмайди. Саломлашиш маънавиятнинг энг олий кўрсаткичларидандир. Бир-биримиз билан учрашганимизда юракларимизга меҳр-муҳаббат солувчи саломни тўлиқ айтайлик.

Оҳунжон ВАСИЕВ
Сайхунобод тумани “Иттифоқ”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *