Ҳаё иймондандир

Киши маломат ва хўрланишдан қўрқиб нафсининг баъзи бир хоҳишларидан тийилишга ҳаё дейилади. Ўзимизни тил билан айтганда ҳаё бу уялиш дегани. Ҳаё 3 хил бўлади:

  1. Худодан ҳаё қилади
  2. Атрофидагилардан ҳаё қилади
  3. Ўзидан ўзи ҳаё қилади

Аллоҳдан ҳаё қилиш – бу Аллоҳ таоло буюрган амрларига бўйсуниш ва Аллоҳ қайтарган қайтариқлардан қайтишдир. Энди биз ҳам Худодан ҳаё қиламиз, Худодан қўрқамиз намоз ўқимасак ҳам деган инсон каззоб бўлади. Чунки Худодан қўрқадиган, ҳаё қиладиган банда ҳаром тарк қилиб Аллоҳ буюрган намозни ўқийди.

Атрофидагилардан қилинадиган ҳаё – бу одамларнинг маломатидан қўрқиб, айрим жоиз бўлмаган ишлардан тийилиш. Масалан: кийиниш, ўзинин тутиш, гаплашиш ва ҳоказо…

Ўзи ўзидан ҳаё қилиш – бу сизнинг олдингизда ҳеч ким бўлмаганида ножоиз ишлардан, нафси ҳавойингиз бир қабиҳ ишни хоҳлаб турибди, ўшанда ўзидан уялиб шу ишдан тийилса, ҳаё қилган бўлади. Ҳаё турлариннг энг афзали ҳам мана шу. Масалан: қўлингизда пулт турибди, экранда беҳаё бўлган бир нарсани кўрсатди. Олдингизда ҳеч ким йўқ, пултни босиб бошқасига олишингиз ёки бир гуноҳ иш турибди, ёлғиз ўзингиз, бирор марта шу ишни қилмагансиз уялиб олдин қилмаганман деб қилмаслигингиз ҳаёнинг энг юқори чўққисидир. Энди ҳеч ким йўқ ҳолингизда бир ишни қилсангиз ва одамлар уни билиб қолганида сиз уялиб қоладиган бўлсангиз ўша ишни қилмаслик бу ҳаёдандир. Агар одамлар олдида ўша иш сиздан содир бўлиб қолганида уялиб қоладиган бўлсангиз ва аммо ўша ишни ёлғизлигингизда бажарадиган бўлсангиз, демак сиз ўзингизни ҳурмат қилмас экансиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаё билан ҳаёсизликни солиштириб шундай марҳамат қиладилар:

“Ҳаё иймондандир ва иймон соҳибини жаннатга киргизади. Беҳаёлик жафодир, яъни зулмдир ва зулм эгасини жаҳаннамга киргизади”.

Машҳур олим Ҳусайн Воиз Кошифийнинг сўзларини “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳеч кимда виждон ҳам қолмайди. Кишилар бир-бирларига бефарқ қарайдиган бўлиб қолишади”.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Қайси ишда фаҳш бўларкан у иш албатта хунук бўлади ва қайси ишда ҳаё бўларкан у иш албатта зийнатли, чиройли бўлади”.

Олдинги уламолардан бири ўғлига шундай насиҳат қилган экан: “Агар нафсинг катта гуноҳга чақирса, кўзингни осмонга қарат ва сени кўриб турган Зотдан уял. Агар буни қилолмасанг, ерга қарат ва унинг устида юрган кимсалардан уял. Олий Зотдан қўрқмасанг, ўзингни ҳайвонлар қаторида ҳисоблайвер”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

“Аввалги пайғамбарларнинг сўзларидан одамларга етиб келган сўз шуки, уялмасанг хоҳлаганингни қилавер”.

Чунки беҳаёликнинг давоси йўқ, токи одам ўзини ўзи тарбияламас экан, беҳаёликдан қутулолмайди.

 

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби                                                   

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.