Қизингиз оила қуришга тайёрми?

Аллоҳ таоло барча махлуқотлар қатори инсонни ҳам жуфт қилиб, яъни эркагу аёл қилиб яратган. Эркакни аёлга табиатан моил қилиб, аёлни ҳам эркакка нисбатан муҳаббатли қилиб яратган. Демак, жамиятнинг ривожланиши, одамизоднинг давоми мана шу бир эркагу аёл билан ҳосил бўлади. Ушбу неъматни Аллоҳ таоло марҳамат қилиб дейдики:
“Унинг оят-белгиларидан яна бири – У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларинигиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда севги-муҳаббат ва меҳрибонлик пайдо қилишидир” (Рум сураси, 21 оят).
Эркак ва аёл жуфтланиб турмуш қуриши, Яратувчининг хоҳиши ва бундан мақсад, яъни эр-хотин бўлиб яшашдан ҳикмат ажралиш эмас, балки сакинат-хотиржамликда, ҳамдам бўлиб яшашликдир. Ва албатта, бу орада эр-хотин бўлиб, бир-бирига муҳаббатли бўлиши ва Аллоҳ фарзанд ато қилгандан кейин бир бирларига меҳрибон бўлиб қолиши бу илоҳий иродадир. Аллоҳ таоло жуфтланишни гўзал бир ўхшатиш билан бизларга билдириб шундай дейди:
 “Улар сизлар учун либос ва сизлар ҳам улар учун либосдирсизлар”(Бақара сураси, 187 оят).
Яъни эр-хотин бир-бири учун худди баданининг айбларини яширадиган либос ва яна уни иссиқ-совуқдан асраб, унга ҳарорат бағишлаб турадиган либос кабидир.
Оиша онамиз сиддиқа розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Аёлларга инсонларнинг ҳақдорроғи ким”, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл устида инсонларнинг ҳақдорроғи эридир. Эркак устида инсонларнинг ҳақдорроғи онасидир”, деб жавоб бердилар.
“Бир киши келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Эрнинг аёл устидаги ҳаққи нима?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёл чиқиб кетиб, бироздан кейин келсаки, эри мохов касаллиги туфайли баданлари ҳаммаёғи қону йиринг. Ана ўшани тили билан ялаб чиқса-да, эрини ҳаққини адо қилолмайди. Эрининг рухсатисиз уйдан чиқмайди ва эрининг изнисиз уйидан бирор нарса чиқариб бермайди”.
Яна бир ҳадисда: “Бир аёл келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Эрнинг аёл устидаги ҳаққи нима?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Туя устида турган бўлса ҳам ўзини эридан қайтармайди, эрининг рухсатисиз уйдан бирор нарсани садақа қилмайди, агар шундай қилса, эрига савоб, хотинга гуноҳ ёзилади, эрининг рухсатисиз нафл рўза тутмайди, агар тутса, савоб олмайди, балки гуноҳкор бўлади, эрининг изнисиз уйидан чиқса, раҳмат ва ғазаб фаришталари лаънатига қолади, то қайтгунича” “Агар эри золим бўлса ҳамми?” деб сўраганида. “Агар золим бўлса ҳам”, дедилар”.
Ҳусайн ибн Миҳсон айтадилар: “Аммам менга айтиб бердилар: “Бир юмуш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борган эдим. “Эринг борми?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедим. Шунда: “Унга қандай муносабатдасан?” дедилар. Мен: “Узрлик ҳолатимдан бошқа пайтда унга эътиборсизлик қилмайман”, дедим. Айтдилар: “Унга нисбатан нима шилар қилаётганинга эътибор бер. Чунки у сенинг жаннатинг ёки дўзахингдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Қайси аёл ўлса ва эри ундан рози бўлса, жаннатга кирибди”.
Солиҳлардан бири – Асмо ибн Хорижа Фазорий қизини турмушга беришдан олдин унга қуйидагича насиҳат қилди: “Кўзимнинг оқу-қораси, ҳаётим қувончи, жон қизим! Агар бирор инсоннинг одоби гўзал бўлгани ва насаби олий бўлгани учун насиҳат қилинмайдиган бўлса, бунга сен ҳақли бўлар эдинг. Бироқ, ушбу панд ва ўгитлар ғофил кишига эслатма, оқил инсонга эса манфаат беради. Эй қизим! Сен бугун бу дунё юзини кўриб, униб-ўсган жойингдан ўзинг билмаган масканга ҳамда ҳаёт синовларида сенга ҳамроҳ бўлмаган инсоннинг уйига кетяпсан. Сен эринг учун ер бўлгин, у сен учун осмон бўлади. Жуфти ҳалолинг учун мисоли чўри каби бўл. У сен учун қул каби бўлади. Мен сенга айтмоқчи бўлган ушбу насиҳатларни доимо ёдингда сақла:

  1. Жуфти ҳалолингга қаноатли бўл. Чунки бу хислат билан қалб доимо хурсанд бўлади.
  2. Эрингнинг айтган гапларига ва буюрган ишларига сўзсиз амал қил. Зеро, бу ишда Аллоҳнинг розилиги бор.
  3. Эрингнинг кўзини ёмон жойларга тушишидан сақла. Ҳаргиз унинг нигоҳи хонадонда ёмон кўрилган нарсага тушмасин. Аёл киши учун энг гўзал нарса бу сурмадир.
  4. Унинг димоғига ёмон ҳидлар киришига ҳам йўл қўйма. Доимо сендан ва хонадонингдан муаттар ҳидлар таралиб турсин. Энг яхши хушбўйлик бу сувдир (Сув билан озодалик сақланади).
  5. Унинг молини муҳофаза қил. Ёдингда тутгинки, молни тежаб ишлатиш гўзал ҳаёт кечириш гаровидир.
  6. Унинг оила аъзоларига ҳурмат билан қара. Чунки бу оилавий ҳаётнинг тотувлигини таъминловчи асосий ишдир.
  7. Жуфти ҳалолингнинг таомини вақтида тайёрла. Чунки оч қолиш ғазабланиш сабабларидан ҳисобланади.
  8. Уйқуси келганда дарҳол ўрнини ҳозирла. Зеро, уйқунинг кечикиши ҳам эрнинг асабийлашишига олиб келадиган сабаблардан биридир.
  9. Турмуш ўртоғинг ва оила аъзоларинг сирларини бошқаларга айтма. Агар уларнинг сирларини бегоналарга айтсанг, турмуш ўртоғинг ва унинг яқинларининг ишончини йўқотасан.
  10. Эрингга осий бўлма. Агар унга осий бўлсанг, унинг қалбига озор етказган бўласан.

Шундай экан, оилада роҳат-фароғатни, охиратда эса жаннатга киришни истаган ҳар бир аёл эрини хизматини қилиб, розилигини олиб, унинг дуосини олишга ҳаракат қилмоғи зарурдир.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *