Сабр жаннат калитидир

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади: «Албатта биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр билан мукофотлаймиз». (Наҳл сураси 96-оят).

Сабр инсонга Оллоҳ томонидан берилган неъматларнинг энг олийларидан биридир. Кишига мусибат етдими, ғам қайғуга ботмасдан Оллоҳга шукур қилиб тоат-ибодатда бўлса бу сабрлилигидан далолат.  Сабрнинг энг олий даражаси инсонга мусибат етган пайтдаги илк дақиқалардаги сабр дир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бир қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтаётиб, “Эй аёл, Аллоҳдан қўрқ ва бу ҳолатингда фақат сабр қилгин”, дедилар. У аёл: “Нари тургин, менинг каби сенга мусибат етмаган”, деди. Аёл у зотни танимаган эди. У аёлга: “Сен гаплашган зот Пайғамбар алайҳиссалом эдилар”, дейилди. Аёл ўша заҳотиёқ Пайғамбар алайҳиссаломнинг эшиклари олдига келди ва у зотга: “Сизни танимабман”, деди. Шунда у зот: “Албатта сабр биринчи зарбададир”,  дедилар.

Сабрли инсонни Оллоҳ ҳам суяди.  Бу фазилат инсонга остидан дарё сувлари оқиб турувчи Жаннат эшикларини очади.

Аллоҳ таоло: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилади», деган. (Зумар сураси 10-оят)

Баъзи уламоларимиз: «Сабр қилгувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади», деганлар. 

Сабр инсоннинг либосига ўхшайди. Унинг турли кўринишлари мавжуд: Тоат ва ибодатдаги сабр, етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр, Оллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳдан сақланишга сабр. 

Қуръони каримда ҳам сабр ва унинг фазилати тўғрисида жуда кўплаб ояти карималар мавжуд. Қуръоннинг тўқсон ерида сабрнинг зикри келган. “Сабр қил” калимаси ўн тўққиз марта такрорланган”. Қурони каримнинг юздан зиёд ўрнида сабрга чорловчи амрлар, сабр қилувчиларга бўладиган улуғ савоблар ҳақида сўз юритилган. Масалан, Оллоҳ таоло амр қилиб бундай деган: “Сабр қилинг! Бас, албатта, Оллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай (Ҳуд, 115).

Бундан ташқари, Аллоҳ таолонинг “Сабр қилинглар”, деган амри олти марта зикр қилинган. Шунинг учун ҳам уламолар якдиллик билан сабр қилиш ҳар бир кишига вожибдир, дейишган. Зеро, имоннинг ярим бўлаги сабр бўлса, қолган ярми шукр қилишдир. Сабрнинг даражаси шу қадар улуғки, ҳатто Аллоҳ таоло уни ўзининг сифатларидан бири қилган. Зеро Оллоҳ таоло чиндан ҳам “Сабур”дир, яни гуноҳкорларни гуноҳи учун дарҳол жазоламайди. Ҳадиси қудсийда “Дарҳақиқат Мен Сабурдирман”, деб ривоят қилинган.

Шундай экан юқоридагилардан тўғри хулоса чиқариб биз ҳам ўз ҳаётимизни сабр ила гўзал қилайлик. Сабрли бўлиш учун қилинган ҳаракатнинг ўзи ҳам сабрдир. Модомики, биз сабр инсон ҳаётини безовчи неъматлигини билар эканмиз фарзандларимизга ёшлигидан сабр-тоқатли бўлишини аста-секин сингдирайлик. Ўзимиз эса бу неъматсиз ҳаётимиз мазмунли бўла олмаслигини ҳар доим ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Абдукарим ПАРДАЕВ
Гулистон тумани “Шодмонхўжа”
масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *