Тинчлик олий неъмат.

Аллоҳ таоло Қурьони каримда марҳамат қилади: “Қачон Биз инсонга неъмат ато этсак, юз ўгирур ва четга бурилиб, узоқлашур. Қачон уни ёмонлик тутса, ноумид бўлур”. (Исро сураси 83 оят).

Дарҳақиқат, инсонларга тинчлик, осойишталикдан кўра азизроқ неьмат борми? Юрт нотинч бўлса, тўй — томоша,  хурсандчилик, ўйин- кулги татимайди. Одамни егани ичига тушмайди, юрагига ҳеч нарса уй-жой, бойлик, фарзанд, амал мартаба сиғмайди. Урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар улуғ мақсадлар якунига етмай қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан хузур-халоват, турмушидан ором-фароғат кўтарилади.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик –омонликда яшашга даъват этган. Самовий китобларнинг бирортаси урушни тарғиб қилмаган, аксинча, тинчликни, омонлик ва сулҳни талаб қилган. Қуръони карим уруш чиқариш йўлидаги фитнани қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисоблаган. Динларнинг бирортаси зулмни, қотилликни, хунрезликни, одам ўлдиришни ёқламаган, аксинча меҳр-оқибатли, сулҳпарвар, инсонпарвар, раҳм-шафқатли бўлишга чорлаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: «Икки энг Азиз неьмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир» деганлар.

Дарҳакикат, халқларнинг, элат ва қабилаларнинг хар хиллиги урушиш жанжаллашиш учун эмас, балки бир-бирлари билан топишиб танишишлари, битта замин устида аҳил-иноқ яшашлари учундур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ҳажларида: «Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол- мулкингизга тажовуз килишингиз барчаларингизга ҳаромдир», деганлар ( Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қурьони каримда: Албатта Аллоҳга иймон келтирган мўмин бандалар биродардирлар.деб марҳамат килган. Яна бир оятда Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик ишларида мусобақалашишга чақирган.

Неьматнинг қадри у йўколганда билинади, неьматнинг йўқолмаслиги эса доимо унинг шукрини адо қилиш билан бўлади. Шундай экан бугунги тинч ва асойишта кунларнинг қадрига етайлик. Халқимизнинг нозик ибораси билан айтганда, Аллоҳ берган насибамизни териб юрибмизми, шу онларнинг қадрига етайлик, тинмай бунинг шукрини қилайлик.

Яратган Парвардигоримиздан бир-биримизга тинчлик, беғубор осмон осойишта ҳаёт, хотиржамлик тилайлик!  Аллоҳ таоло тинчлик-  осойишталигимизни ҳамиша барқарор, юртимизни тинч, меҳнаткаш халқимизни фаровон, осмонимизни мусаффо этсин.

Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ
Сардоба тумани “Янгиқишлоқ»
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *