Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳдир.

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилди. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилинишини ҳаром қилди. Қуръони каримда бундай дейилади:
Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 195-оятида шундай марҳамат қилинади: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз”.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти берган баёнотга қараганда, ҳар йили 800 мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилар экан. Минг афсуслар бўлсинки, сўнги пайтларда ёшларимиз ўртасида ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда, албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бу ҳолат инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан якун топади. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш, демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади”. (Имом Бухорий ривояти).
Минг афсуски, ҳозирда айрим вилоятларда турли йўллар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари рўй бермоқда. Айниқса, бу аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани маълум бўлмоқда.
Инсон қилган гуноҳларига сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Аммо, инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу хатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан ғалабаси ҳисобланади. Бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?
Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиши, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетиши бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Аксинча, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини, умримиз йилларини чиройли амаллар ва савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг фазилати ҳисобланади.
Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир.
Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар эълон қилганлар. Шунингдек, фиқҳ китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.
Афсуски, ҳали жамиятимизда аёллар, ёшлар ичида турли арзимаган сабаблар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайтарилиб турибди. Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.

Сирдарё вилояти бош имом ҳатиби
Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *