Сохта салафийлик ва унинг аломатлари.

 

Бугунги кунда Салаф ва салафийлик каби ибораларини кўп  ишлатилиши, унинг асл негизи қаерга бориб тақалишини кўплаб кишилар том маънода билмаслиги сир эмас.  

 “Салаф” луғатда  “илгари яшаган одамлар”, “аждодлар” каби маъноларни ифодалайди.
Ислом уламолари илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар. 
Ўзбекистон ҳудудида ҳам салафийлик қарашига эга кишилар олдиндан мавжуд бўлган. Уларнинг баъзилари барча замонавий техникаларни рад қилиш ва ҳатто телевизор кўришни ҳаром дейишгача етган ҳаддан ошганлари бўлган бўлсалар ҳам, уларнинг бу камчиликларини қабул қилмаган ҳолда шариат ҳукмларига урғу берувчи кишилар мавжуд.

Бугунги кунда ақида йўналишида; ашъарийя, мотуридийя ва аҳли суннат мазҳаблари мавжуд, деган эътиқоддаги салафийлар ҳам бор, ваҳоланки, ашъарийя ва мотуридийянинг ўзи аҳли суннат эканлигига жумҳур уламолар ижмоъ қилишган.

Минг йиллар давомида Ислом оламига устозлик қилган уламоларни етиштириб берган ватанимизда албатта уламоларимиз йўли сақланиб қолиши шарт. Ҳар бирларини номларини эшитганда бутун дунё сесканиб тушадиган уламоларимиз оғишмай амал қилиб келган мазҳаб бугунги кунга келиб нима учун тан олинмаслиги керак? Шубҳасиз, мазҳабсизликни даъво килаётганлар мазҳабда амал билан ўтган уламоларимиз ёзган китобларни ўқиб тушуна олмайдилар. Тўрт мазҳаб шаклланганидан кейин кўп асрлар ўтди, лекин дунё ва дин илмларига катта хизматлар қилиб ўтган уламолар, гарчи уларни дунё тан олсада, мазҳаб тузишга журъат қилмадилар. Бу қандай журъатки, ҳозирги вақтда диний илмни тўлиқ эгаллламасдан туриб мужтаҳидлик даъвосини қилмоқдалар. Бундай жоҳилларга гапимиз – илм олинг! Олимларимиз китобларини ўрганиб чиқинг, шунда Китоб ва Суннатга қанчалик амал қилишганини билиб оласиз. Ишончли мазҳаби бўлган халқни чалғитманг!- деймиз.

Сўнгги йилларда «солиҳ салафлар (аж­додлар)га эргашиш» шиори остида «салафийлик» мафкурасини байроқ қилиб олиб, ўзларини гўёки «салафларнинг из­дош­ларимиз» деб ҳи­соблайдиган мутаассиб, сох­та салафийлар фирқаси пайдо бўлгани кўпчиликка маълум.

Бугунги кун ёшларига, аҳли жамоамизга сохта салафийлар ким, уларнинг аломатлари нималар эканини билдириш мақсадида ушбу фирқага эргашувчиларнинг асо­сий белгиларини санаб ўтмоқчимиз:.

  1. Қуръони карим оятларини фақат зо­ҳиран, сўзма-сўз талқин қилиш, оятларнинг ма­жозий маъноси борлигини рад этиш.
  2. Аллоҳ таолони маълум маконда жойлашган деб сифатлаш.
  3. Аҳли сунна ва жамоанинг икки ақидавий йўналиши – мотуридийлик ва ашъарийликка эргашганларни залолатда деб даъво қилиш.
  4. Анъанавий тўрт фиқҳий мазҳабни инкор қилиш.
  5. «Жиҳод» тушунчаси мазмунини бузиб талқин этиб, унга жангарилик тусини бериш, бошқа дин вакиллари, ҳатто мусулмонларга қарши зўравонлик, босқинчилик хатти-ҳаракатларини оқлаш.
  6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунлари (мавлиди шариф)ни нишонлашни инкор этиш.
  7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни васила қилиб, Аллоҳдан тилагини сўрашни ҳаром, ширк деб ҳисоблаш.
  8. Ёнида ёки ҳовлисида мақбараси бўлган масжидларда намоз ўқишни ҳаром деб, бундай масжидларни бузишга чақириш.
  9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва солиҳ зотларнинг осори ати­қаларини табаррук билишни ширк деб эъти­қод қилиш.
  10. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг қабрини зиёрат қилишни ҳаром дейиш.
  11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналарини дўзахда деб ҳукм қилиш.
  12. Ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш.
  13. Ҳар қандай янгиликни «бидъат» деб, мусулмонларнинг аксарини «бидъат аҳли» деб сифатлаш.
  14. Фатво бериш учун илм ва лаёқатга эга бўлмаса ҳам, фатво беравериш.
  15. Тасаввуфни умуман тан олмаслик.
  16. Марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилишни, хайр-эҳсон қилишни жоиз эмас дейиш.
  17. Давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳарбийларни ҳам “динсизлар” тоифасидан ҳисоблаш.
  18. Давлат раҳбарларини, ҳокимият идоралари вакилларини обрўсизлан­тириш ҳамда расмий диний уламолар­нинг мавқеларини заифлаштиришга интилиш, уларнинг ҳаётига тажовуз қилишгача бориш.

Хулоса қилиб айтамизки, салафийлик ва бошқа оқимлар халқимизга ёт ва бегонадир. Биз илмий-диний меросимиз бўлган китобларни ўқиб-ўрганиб халқимизга етказиб беришимиз кифоядир.

Сайхунобод тумани “Иттифоқ” жоме

масжиди имом-хатиби: О.Васиев.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *