Тинчлик — улуғ неъмат!

Жаннатмонанд юртимизда тинчлик-омонлик, хотиржамлик ҳукм сураётгани буюк неъмат бўлиб, юрт тинчлиги қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур. Ана шулардан хулоса қилиб, турли хил низолар, ҳар хил тушунмовчиликлар, зилзила, сув тошқини, ёнғин каби офатлар рўй бермаслигини истасак, Яратганга шукр қилиб яшашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб: «…Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман, борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир», дейди («Иброҳим» сураси, 7-оят).
Ушбу ояти карима юқоридаги фикрларимизга далил бўлиб, неъматларга шукрона қилишимиз, неъматларни зиёда бўлишининг асосий сабаби эканини таъкидлайди. 
  Ҳақиқатан тинчлик бўлиб турса кўнгилга тўй-ҳашам, хурсандчилик сиғади. Юрт тинч бўлса тараққиёт, ривожланиш бўлиб, аҳоли меҳнат қилади, ризқини териб оиласи билан баҳам кўради. Уй-жой ҳам қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етмоғлиғимиз лозимдир.                                                                                                          Истиқлол йилларидан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (алаҳиссалом.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:
“Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, — деганлар.
Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан бири – бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида радиодан эшитиб, телевидениедан кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёинки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлиб, уйланмай вафот этаётганлар қанча?!
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқдалар. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда.                                                                                   
Сирдарё вилояти Ховос тумани  
 “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом                              
 хатиби    Абдурауф Ёрбеков.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *