УМР БЕБАҲО НЕЪМАТ

         Аллоҳ бор мавжудотлар орасида инсонни алоҳида меҳр-муҳаббат билан яратган. Дунёдаги ҳалол неъматларнинг ҳаммасини унга насиба айлаган. Ҳатто, фаришталарда бўлмаган ихтиёрни азиз ва мукаррам инсон учун бериб қўйган. Лекин афсуски, Яратганнинг бу марҳаматини тушунмай, ўзи қоралаган ишларни қилаётган одамлар ҳам учраб туради. 
         Имом Насафий розияллоҳи анҳу ривоят қилган бир ҳадис бор. Унда келтирилишича,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шамчироқлари ўчиб қолади. Шунда у зот (алайҳиссалом.): — «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгувчилармиз», — дейди. Шунда Ойша онамиз (р.а.) шу ҳам мусибатми, дея сўрайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): — «Мусулмонга азият етказган ҳар бир нарса мусибатдир», дейди. 
         Пайғамбаримиз (алайҳиссалом.) ҳар қандай мусибатга, у катта,  кичик бўладими, чидаш, сабр этиш ҳақида гапирганлар. Дунёда яшар эканмиз, бизга тан оғриғи, яъни беморлик, кутилмаган иқтисодий қийинчиликлар, ота-она, фарзанд каби яқин кишиларидан айрилиш каби мусибатлар етади. Аслида Аллоҳ таоло бир кишига мусибат юборса, бу унга келган синов ҳисобланади ва бу унинг гуноҳлари учун каффоратдир. 
         Уламолар киши бошига тушадиган мусибатларни учга ажратишган. Биринчиси — синов, иккинчиси — хато ва гуноҳлари, учинчиси — инсоннинг даражасини кўтариш учун. Сизу биз Қуръони Каримдаги ушбу сўзларни зинҳор унутмаслигимиз шарт: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик азоби, молу жон ва мевалар ҳосилини камайтириш йўли билан синаганмиз. («Бақара» сураси, 155-оят). Ва яна Аллоҳнинг бу сўзлари бор: «Эй инсонлар! Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган иш, гуноҳ сабаблидир».  («Шуаро» сураси, 30-оят). 
         Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абу Саид Ҳудрий (р.а)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом.) деди: — «Мусулмонга етган чарчоқ, дард, озор, ғам-ташвиш, ҳатто, баданига кирган тикан унинг гуноҳларини мағфират қилади (Имом Бухорий). Ойша (р.а) айтади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом.) дедилар: — «Банданинг гуноҳи кўпайса-ю, унинг кечирилишига сабаб бўлувчи  амали бўлмаса, Аллоҳ таоло гуноҳларининг каффорати учун уни ғам-кулфатга мубтало этади» (Имом Аҳмад). 
         Демак, кимнингдир бошига кулфат, мусибат келса, у бу менга Аллоҳ таолонинг синови ва бу туфайли гуноҳларим кечирилади, деб сабр қилмоғи зарур. Ўз жонига қасд қилмоқлик эса, Аллоҳ таолонинг қазо-ю кадарига рози бўлмасликдир. 
         — «Фалончи ўзини ўлдирибди», — деган мудҳиш хабарни эшитар эканмиз, «Астағфуруллоҳ», дея ёқа ушлаймиз. Биз, Ислом динидан хабардор инсонлар кўпчиликка  ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳ эканлигини тушунтириб боришимиз зарур. Тўғри, гуноҳи кабира бўлган бу оқланмайдиган амалнинг сабаблари турлича. Агар руҳий хасталикларни олиб ташласак, қолган сабабларнинг илдизи битта — имонсизлик! Расулуллоҳ (алайҳиссалом..)  «Сизлардан олдин ўтган халқлар орасидан бир жароҳатланган киши қийналганида қўлини пичоқ билан кесиб, қонсизликдан ўлди. Аллоҳ таоло: — «Ушбу бандам ўз жонини чиқаришга уринди. Мен жаннатни унга ҳаром қилдим» — деди», деб марҳамат этганлар. 
        Абу Ҳурайра (р.а.) пайғамбаримиз (алайҳиссалом.)дан ривоят қилишларича — «Ўзини ўзи тиғ билан жароҳатлаб вафот этган киши жаҳаннамда ҳам ўзини ўша тиғ билан жароҳатлаб, абадул-абад ўша ерда қолар экан. Заҳар ичганлар, жаҳаннамда абадул-абад заҳар ичар эканлар».
         Пайғамбаримиз (алайҳиссалом.) бизу сизни огоҳлантириб шундай деганлар: «Аллоҳ таоло хоҳласа, ширк келтирган ва қасддан бир мўминни ўлдирган одамнинг гуноҳидан бошқа ҳамма гуноҳларни кечади. (Абу Довуд ривояти). 

         Демак, ширк келтирган, ўзига зулм қилган  ёки бошқа бировни ўлдирганларнинг узри қабул қилинмайди. Ҳатто, ўлим билан якунланиш нари турсин, бундай гуноҳ амални қилишга қасдлашишнинг ўзиёқ катта гуноҳ. Ҳадисларнинг бирида ҳаёт синовларига сабр-тоқат қила олмасдан, ўз жонига қасд қилмоқ — Аллоҳ таолога исён, дейилган. Қуръони Каримда: — «Агар сизни шайтон васвасаси тутса, бу ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг! Зеро, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир», — дейилган. («Фуссилот» сураси, 36-оят). 
         Ҳаёт инсон учун берилган бебаҳо неъматдир. Азизлар, умримизни фойдали ишларга сарфлаб, каттами-кичикми, синовларга бардош бериб, қийинчиликларни сабр-тоқат, юксак ирода, ғайрат-шижоат, самарали меҳнат билан енгиб, яшаб ўтайлик!

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани
“Мулла Негмурод” жоме масжиди
имом ҳатиби Ғоибов Муҳаммад

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.