Беозор бўлайлик!

Ислом дини инсониятни гўзал одоб-ахлоққа чорлаш, уларни чин инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган. Ҳалимлик исломнинг чиройли одоблардан бири бўлиб, у юмшоқлик, беозорлик, меҳрибонлик маъноларини ўз ичига олади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар (Оли имрон сураси, 134-оят).

Қуръони каримнинг бир қатор сураларида Аллоҳ таолони ҳалимлик сифати билан сифатланиши ҳам бу фазилатнинг нақадар улуғ даража эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир” (Бақара сураси, 235-оят).

“Яхши сўз ва кечириш ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ беҳожат ва ҳалим Зотдир” (Бақара сураси, 263-оят).

Ҳалимлик, юмшоқлик пайғамбарлар ва пайғамбарликнинг энг улуғ ахлоқларидан бири эканини қуйидаги ояти карималарда ҳам яққол кўришимиз мумкин. Аллоҳ таоло пайғамбарлар отаси Иброҳим (алайҳис-салом) хулқи ҳақида “Тавба” сурасининг 114-оятида айтади: “Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари башариятга намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажралмас сифатларидан бўлган. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, пешвоси эканлари барчамизга яхши маълум.

Аллоҳ таоло ана шу юксак ахлоқ даражасида бўлган ҳазрат Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга берган буюк ахлоқий сифатлар тўғрисида хабар бериб бундай дейди: “Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли имрон сураси, 159- оят).

Пайғамбар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳалимлик сифатлари биз умматга намуна бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида умматларнинг энг яхшилари ҳақида хабар бериб, бундай дейди: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ушбу оят ҳақида: “Бундай зотлар ҳалим, беозор бўлиб, агар уларга жаҳл билан ғазаб қилинса, улар асло жоҳиллик қилмайдилар, яъни ҳалимлик қиладилар”, — деган эканлар.

Демак, ҳалимлик ва беозорлик энг гўзал одоблар жумласидан эканини билдик. Оилада, фарзандлар тарбиясида, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган кундалик муомалаларда вазминлик, босиқликка амал қилиб ҳаёт кечиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторидан ўрин олиб, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг чин умматларидан бўламиз.

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *