Ҳалол луқма – барака омили

Ислом динимиз қадриятлари, ибодат ва ҳалол- ҳаромга оид тарғибот ва ташвиқот ишлари жадал равишда амалга ошириб борилмоқда. Айниқса сўнги  йилларда  интернетдаги ижтимоий сайтларнинг фаоллиги тобора ошиб бораётгани сабаб ушбу мавъиза ва насиҳатларнинг кўлами сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Хусусан, судхўрликнинг ёмон иллат экани, ўзгалар молини ботил йўл билан ейиш ҳаромлиги, порахўрликнинг разолати, инсон ва жамият ҳаётини нопок йўллар томон бошлаши, дунёда нафақат, хорлик ва кулфатга етаклаши, охиратда Аллоҳ азза ва жалланинг раҳматидан узоқликка, бахтиқароликка, аламли азобларга сабаб бўлиши қуйидаги оят ва ҳадислар асосида бот-бот таъкидлаб келинмоқда:

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 29-оятида шундай марҳамат қилади: Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳимлидир”. (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишни рибо, қимор, порахўрлик, қиморбозлик, товламачилик, қарзга олган нарсаларни қайтариб бермаслик ва бошқа шу кабилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муфлис кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: “Бизнингча, муфлис дирҳами, ҳеч вақоси йўқ кишидир”, дейишди. Шунда у зот: “Умматимдан (бўлган) муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Шу билан бирга буни сўккан, бунга туҳмат-бўҳтон қилган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган ҳолида келади. Шунинг учун бунга ҳам, унга ҳам унинг савобларидан (олиб) берилади. Агар (зулм қилган киши) зиммасидаги (қарзлари) тўланишидан аввал савоблари тугаб қолса, (даъвогарлар) гуноҳи унга юкланади. Кейин жаҳаннамга ташланади”, дедилар (Муслим, Термизий, Аҳмад ривоят қилган).

Дарҳақиқат, ҳақиқий ночорлар мана шу тоифадаги кишилардир. Агар яхшилиги бўлса ҳам ўзгаларни алдаб, молини ўзлаштиргани боис ўша яхшилигидан ҳам маҳрум бўлувчилардир. Шунинг учун бу дунёда қочиб қутилган айбдан охиратда қутилолмайди.

Уламоларнинг фатволарида қуйидаги сўзлар бор: “Бошқаларнинг ҳақини ноҳақ егувчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини егувчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллоллар киради”.

Демак ҳалол луқмада барака, дуолар қабул бўлиши бор экан, ҳаромдан узоқлашиб қанча ҳалол томон интилсак шунчалик ҳаётимиз фаровон, умримиз мазмунли ва зиёда бўлади.

 

Рўзибек АБДУНАБИЕВ
Ховос тумани «Саъду Саид»
жоме масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *