Ҳусни хулқ

Имом Ғаззолийдан (раҳматуллоҳу алайҳ) гўзал хулқ ҳақида сўрашганида, бундай жавоб берган эканлар: “Гўзал хулқли кишининг ҳаёси кўп, озори кам, камгап, амали кўп бўлади. Яна у вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан ва меҳрибондир. Лаънатламайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. У шошқалоқ, кекчи, бахил, хасадгўй эмас. Доимо юзлари очиқ, жилмайиб туради”.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасининг 9-оятида шундай марҳамат қилади:  «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам “Омон бўлинглар” дея жавоб қиладиган кишилардир».
Одобли киши азиятларга сабр қилади, жафоларга бардош беради. Юсуф ибн Абсот дейди: “Гўзал хулқли бандада бир нечта хислатлар намоён бўлади: низолашмайди, адолат қилади, бошқалардан хато қидирмайди. Бирор ёмонликни сезиши билан дарҳол уни яхшилашга киришади, кечиримли ва азиятларга бардошли бўлади, нафсини жиловлай олади, ўзганинг эмас, ўзининг айбини тўғрилашга ҳаракат қилади, каттаю кичик, бою камбағаллар билан бирдек муомала қилади”.
Оиша онамиздан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Росулуллоҳнинг (солаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари ҳақида сўрашганида: “У зотнинг хулқи Қуръон эди” деб жавоб берганлар. Имом Қатода Оиша онамизнинг бу сўзларини шарҳлаб, бундай дейди: “У зотнинг хулқи Қуръон, дейишдан мурод Қуръонда келтирилган барча гўзал хулқлар у зотда мужассам эди, деганидир”.
Донишмандлар: “Сабр, иффат, шижоат ва адолат гўзал хулқли инсоннинг ҳамроҳидир” дейишган. Чунки жаҳл чиққанида ўзини босишга, бировга азият беришдан тийилишга, раҳмдил бўлишга сабр ёрдам беради. Иффат эса зарарли амал ва дилга озор берадиган сўзлардан узоқ бўлишга ундайди. Шунингдек, ёмонлик, бахиллик, ёлғончилик, ғийбат ва чақимчилик каби иллатлардан сақлайди. Шижоат юксак ахлоқий ҳусусиятларни худбинликдан афзал кўришга, бағрикенгликка, ғазабни босиб, нафсни турли васвасалардан ҳимоя этишга ундайди. Адолат хулқларнинг тўғриланишига олиб боради. У жуда қаттиққўл ҳам, жуда эътиборсиз ҳам бўлмасликни талаб этади ва инсонни фидойилик томон етаклайди.
Нафс мана шундай риёзатлар билан тарбия топади, хулқлар гўзаллашади. Ботин ғашликдан, сохталикдан, кекдан покланади. Ана шунда инсон гўзал хулқнинг юксак даражасига эришади, Аллоҳ таоло тақдир қилган барча нарсага рози бўлади. Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмаслик эса жуда ёмондир. Юқорида айтилганидек, бунинг аломати кишининг зоҳиридан сезилиб туради. Бу аломатлардан ҳоли нафс ҳам “Хулқим гўзал” деб алданиб қолмаслиги керак. Балки қийинчиликларни енгишга ҳаракат қилиб, гўзал ахлоқ камоли учун интилиши лозим. Бу юксак даражага эса Аллоҳга яқинлаштирадиган яхши амаллар билангина етиш мумкин.

Алижон ЭРАЛИЕВ
Боёвут тумани  Ҳазрати-Хизр
жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *