Илм — ақл чироғи

Муқаддас динимиз таълимотининг асосий мазмун-моҳиятини илм-маърифатга ундаш ташкил этади. Бутун инсониятни зулмат ва жаҳолатдан фақат илму маърифатгина халос этиши такрор-такрор таъкидланган ва илм олишга буюрилган. Қуръони карим сўзи “ўқиш” маъносини англатиши ҳамда ундан илк нозил бўлган суранинг илк сўзи ҳам “ўқи” деган хитоб билан бошлангани бунинг яққол исботидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда: Илмни, гарчи Чин (Хитой)да бўлса ҳам, талаб қилинглар, дейилади.
Яна бир ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас” (Табороний, Ибн Мурдавайҳ, ибн Сунний, Абу Нуъаймлар ривоят қилишган).
Илмнинг фазилатлари жуда кўп, уларни санаш учун бир китоб камлик қилади. Ушбу фазилатлардан бири илмнинг ибодатларнинг афзали эканлигидир. Аслида илм олиш фарз ибодатлар қаторидаги энг катта ибодат ҳисобланади ва у нафл ибодатлардан афзалдир. Чунки илм, биринчидан, амалдан олдин туради ва амал қилишга йўл кўрсатади, амал илмсиз бўлмайди, аммо илм амалсиз ҳам бўлади. Иккинчидан, амал фақат ўз эгасига фойда берса, илмнинг фойдасидан бошқалар ҳам баҳраманд бўлади. Учинчидан, ибодатнинг фойдаси унинг якуни билан тўхтайди, илм эса узоқ муддатгача фойда бериб туради. Тўртинчидан, илм яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан ва ҳақиқатни ёлғондан ажратиб беради.
Ҳазрати Али (р.а) ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, – деганлар. Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб марҳамат қилганлар.
Демак, фарзандларимиз илм-маърифатли инсонлар бўлиб етишишларида ҳар биримиз масъулмиз. Инсон ўзини нимага бағишласа, ўша нарса доирасида шаклланишини ёдимиздан чиқармайлик.

Мўминжон УСМОНОВ
Гулистон шаҳар “Тавҳид”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *