Инсон хотираси-юксак қадрият

Истиқлол шарофати билан миллатимиз, халқимизнинг шаъни, қадр- қиммати, ғурур-ифтиҳори, маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузумнинг турли даврларида қатағон қилинган, қатл этилган юзлаб юртдошларимиз, Ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Бундай савобли ва хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ватан тараққиёти йўлида жонини фидо қилган аждодларимизни хотирлаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш эзгу амаллардандир.
Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси мустабид тузум даврида зулм ва тажовуз қурбони бўлган минглаб ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг бир намунасидир. Бундай мўтабар масканларни зиёрат қилиш киши руҳини поклайди, эзгуликнинг абадий экани ҳақида фикр қилишга ундайди. Айни чоғда шундай зиёратгоҳлар ва қадамжолар бугунги тинч ва хотиржам ҳаёт, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синовлар ва машаққатлар эвазига эришганимизни ёш авлодга англатадиган, уларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қиладиган маънавият ва маърифат масканидир.
Бизлардан дуо умидида ётганларни хотирлашимиз ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!
Ўтганларни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларни ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”.
Ўтганларни ҳамиша яхшиликлар билан хотирлаб, ҳақларига дуолар қилишимиз даркор экан. Агар биз ўтганларимизни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар.

Бу ҳақда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга яхшилик қилишади”.
Шариатимизга кўра, ўтганларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Огоҳ бўлинглар! Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у зиёрат туфайли фоний дунёдан зоҳидроқ ва охиратни эсловчироқ бўласизлар”.


Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод”
жоме масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *