Ойлар султони Рамазон

Бежизга Рамазон ойларнинг султони дейилмайди, чунки бу ой меҳр-мурувват, хайр-саховат ҳамда ибодат ва эзгу амаллар кўплаб қилинадиган ой. Бу ойда қилинган хайрли амалларнинг ажр-савоби кўпайтириб берилади. Минг ойдан афзал бўлган кеча – лайлатул қадр ҳам шу ойда яширинган.
Аждодларимиз Рамазон ойи келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Улар Рамазон кунлари турли хил фойдасиз гап-сўзлар, уруш-жанжал, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланишган. Рамазон кечаларини кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, тавба-истиғфор билан ўтказишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришган. Савдогарлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳар қачонгидан пасайтиришган.
Маълумки, рўза тутиш мусулмончилик энг муҳим бешта асослари – иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж иботларининг биридир. Рўза тутиш мусулмонларга саноқли кунлардагина, яъни Рамазон ойида фарз қилинган. Бу рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслиги, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишини кўрсатади.  Кексайиб ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлаш билан зиммасидаги фарз соқит бўлади. Аммо иложи борича рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади. Зеро, «Рўзанинг дунёвий ҳаётингиздаги фойдаларини, охиратда рўза сабабидан эришадиган мақомларингизни билганингизда эди, ўн икки ой рўзадор бўлишни истар эдингиз», дейилади ҳадиси шарифда.
Кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан Рамазон ойи арафасида ушбу муқаддас ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарор эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саҳоват ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда.
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

Авазхон ЖАЛОЛОВ
Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.