САЛОМАТЛИК ТУМАН БОЙЛИК

Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлиқ ҳақида қанчалик қайғурмасин, ҳамма вақт батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳамма жиҳатдан «соппа-соғман» деб ҳисоблай олмайди, «менинг ҳеч қандай касалим йўқ», дея баралла айта олмайди. Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради.
Хасталик, дард айримлар назарида гўё Яратганнинг ғазабига учраганлик белгиси саналади. Касал бўлган киши буни Аллоҳнинг бир балоси ва жазоси сифатида қабул қилади. Танасини дард-оғриқ чирмай бошлаши билан дарров: «Эй Худойим, Сенга нима ёмонлик қилувдим, нега мени беморлик билан азоблаяпсан?» деб нола-фарёд чекишга тушади.
Аслида дард Яратганнинг бандага юборган бир неъмати, имтиҳонидир. Чеккан дарди туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига савоблар ёзилади, охиратдаги мартаба-мақоми юксалтирилади. Дард ёрдамида танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқади, ҳужайралар янгиланади, кўпгина аъзоларнинг ишдан чиқа бошлаган ёки мароми бузилган фаолияти қайтадан изга тушади. Дард чекиш туфайли инсон Яратганни кўпроқ эслашни бошлайди, Унга янада яқинлашади, саломатликнинг қадрига етадиган бўлади. Хасталик ўлимни, охират дунёсини инсоннинг кўз олдига келтириб қўяди.
Турли тиббий манбаларда келтирилишича, одамнинг хасталикка чалинишига асосан омиллар қуйидагилар экан, тана аъзоларининг, шамоллаши, овқатланиш ва уйқу меъёрининг бузилиши, камҳаракатлик, соғлиқ заволи бўлган ичимликлар ичиш ва тамаки чекиш каби зарарли иллатлар ҳамда асаб тизимининг бузилишидир.
Машҳур қомусий олим ва улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино соғ-саломат узоқ умр кўриш сирларини бундай баҳолайди: «Узоқ умр кўриш учун танани мунтазам равишда чиниқтириш, вақтида тўғри овқатланиш, меҳнат қилиш, дам олиш ва, айниқса, бекордан-бекорга асабий бўлмаслик даркор». Ибн Сино умрни баракали қилиш ва сермазмун ҳаёт кечириш учун жоҳил бўлмаслик, изтиробга тушмаслик, ширинсухан бўлиш, таомга ўч бўлмаслик, шароб ва хамр ичмаслик, тамаки чекмаслик зарур эканини аниқлаган эди. У: «Агар мунтазам равишда бадантарбия машқлари билан шуғулланилса, дори-дармон истеъмол қилишга эҳтиёж қолмас эди», деган.

 

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳридаги “Абдуқаҳҳор ҳожи
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *