ТАБИАТНИ АСРАЙЛИК

Наботот олами Аллоҳ таолонинг инсонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Қуръони каримда шундай баён қилинган: «Инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин–чи! Биз (осмондан) сув–ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон–дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева–чева–ю ўт–ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб–ўстириб қўйдик–ку!» (Абаса, 24 – 32).
Ислом дини бирон бир давлат, миллат ёки муайян гуруҳларга мансуб бўлмай, унинг ҳаётбахш таълимоти, аввало, инсонни азизу мукаррам зот сифатида эъзозлайди. Унинг маънавий камолотига ва ҳаётий манфаатларига хизмат қилади. Аллоҳ таоло мусулмонларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтарган. Қуръони каримда бундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара, 205). Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш ҳамда шу берилган улуғ неъматларни исроф килмай фойдаланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, — деганлар (Абу Довуд ривояти).
Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон мазкур ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш нотўғри иш эканлигини тушунтиради. Ҳозирги кунда махсус белгиланган ерларга ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди. Инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради.
Аллоҳ таоло бу курраи заминни биз инсонларга қароргоҳ килиб берган экан, уни авайлаб, асраб, келажак авлодларга қолдирсак, албатта биздан кейин қолган фарзандларимиз ҳам худди биз каби, балки бизданда аълороқ қилиб авайлаб асрашга ҳаракат килади.

 

Муроджон МИРСОАТОВ,
Сирдарё тумани “А.Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *