ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Аллоҳ таоло ер юзида инсонни Ўзига ҳалифа (ўринбосар) қилиш билан азиз қилди. Бошқа махлуқларни унга бўйсундириб қўйди. Ҳатто, эътибор беринг, дунёга янги инсон келтириш имкониятини берди ва буларнинг устида жавобгар қилди. Бола қалби олмос каби тозадир. Мум каби ҳар шаклни ола олади. Тамоман ёзув ва шакллардан узоқдир. Тоза бир тупроқ каби, қайси уруғни эксангиз у унади.

Инсонлар ўзларидан кўра ақллироқ, яхшироқ бўлишини ҳеч қандай қизғониш ҳиссисиз истайдиган ягона борлиқ — ўз фарзандлари эканини кўрамиз. Яъни, агар сизга бирортаси сизга боланг сендан кўра ақллироқ деса, бундан фақат ҳурсанд бўласиз. Бошқа бирортасини айтишса, мен ҳам у каби ёки ундан ҳам яхшироқ бўлишим керак деган ҳаёл келиши мумкин.

Ҳар бир инсон айни замонда маълум миқдорда энергияга эгадир. Инсонни умидсизликка туширадиган нарса шу энергиясини бугуни учун эмас, ўтиб кетган ёки ҳали келмаган нарсалар устида узун ҳаёллар суриб сиқилишга, бекорчига эзилишга сарфлашидади. Бошқа нарсаларни четга улоқтиринг, қўлингиздаги фурсатдан унумли фойдаланиб қолинг.

Ҳаётингизнинг энг сўнги дамларида ортингизга қараб ҳурсанд бўлиш бахтига улашишни истайсиз, ортингиздан қолдириб кетаётган фарзандларингизга бера олишингиз мумкин бўлган энг муҳим нарсаларни берган бўлсангиз бу бахтнинг катта қисмини қўлга киритибсиз!

Фарзанд тарбияси қачон бошланиши керак? Жавоблар хилма-хил, бириси: “она қорнидалигиданоқ!”, бошқаси: “Туғилмасдан аввал”, яна бир бошқаси эса:  “Дунёга келиши билан” ва ҳоказо.

Энди, саволни бошқа шаклда қўйсак: Сизлар фарзанд тарбиясини қачон бошлайсизлар?

“Тўғриси, бола муаммо чиқара бошлагандан сўнгра!” Болада, одатда, жиддий муаммолар қачон чиқа бошлайди? Балоғат ёшига етмасидан олдин, ёки шу ораларда. Яъни бола эшикни тарсиллатиб ёпиб чиқиб кетишни бошласа, ёки овозини кўтариб бошласа, ёки бўлар-бўлмасга кулиб ва ёки бўлар бўлмасга йиғласа ва ҳоказо.

Бундай ҳолатларда ота-оналарнинг ақли шошиб қолади, ортига ўгрилиб қараса, баъзи чораларни кўришга вақт кеч бўлиб қолибди. Энг муҳим фурсатларни қўлдан чиқаришибди. “Каттароқ бўлса ақл кириб қолади”, — деб юраверишибди.

Баъзи ота-оналарни эса, шу вақт ғайратлари жўш уриб уларни уришиб, бақириб, қайтариб “тарбия”лай бошлайдилар. Бу нозик ёшда уларни уришиб бўладими, уларга бақириб бўладими? Йўқ албатта! Ҳўш нима қилиш керак? Бола тарбияли бўлиш учун тарбияли муҳит кўриши керак. Демак, фарзанд тарбиясини фарзанд сўрашдан олдин, ўзни тарбиялаш билан бошлаш керак. Тушунча ва дунёқарашларимиз соғлом бўлиши учун соғлом илм манбаларига, масалан, китоб ўқишга ехтиёжимиз бор.

Фарзандли бўлишга ҳақли бўлиш учун фарзандли бўлишга қизиқиш ва ҳаваснинг ўзи етарли эмас. Бир киши “Аёлимини, кейин боламни йўлга солишим керак”, — деб маслаҳат сўраган кишига жавобан: “Сиз  аёлингизни йўлга сола олмайсиз! Модомики, истар экансиз, аввал ўзингизни тузатинг-ки истанилган бир инсон бўлинг! Қолгани ўз-ўзидан бўлиб кетади”, — деган экан.

Ҳусан Отақулов
“Имом Ал-Бухорий” масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *